Дарҳақиқат, Қуръон ўқиш – бу катта ибодат, зикрларнинг энг яхшиси. Чунки Қуръон ўқиш билан инсоннинг иймони мустаҳкамланади. Бунинг савоби шунчалик кўпки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинган ҳадисда Аллоҳнинг Расули (унга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин): «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб (берилади). Бир савоб ўн савобга тенг. Алиф, лам, мимни бир ҳарф демайман. Алиф – бир ҳарф, лам – бир ҳарф, мим – бир ҳарф», – деган (Тирмизи).
Фаруа ибн Навфал ал-Ашжаъий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтади: «Мен Хаббоб ибн Аратнинг қўшниси эдим. Бир куни масжиддан чиққанимизда у қўлимни ушлаб: «Эй Аллоҳнинг қули! Аллоҳга яқин бўлишга ҳаракат қил! Албатта, сен Унга сўзидан (Қуръондан) афзал нарса билан яқин бўлолмайсан», – деди (Ҳаким).
Қуръон ўқиш тасбеҳ, таҳмид, таҳлил, такбир ўқишдан ҳам афзал. Қуръон ўқишнинг фазилати Рамазон ойида янада намоён бўлади. Чунки у Рамазон ойида нозил қилинган. Лекин бир неча одам бир ёки икки парадан бўлиб, Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқса, савоби ҳаммасига бир хил ёзиладими? Яъни уларнинг барчаси Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққан ҳисобланадими ёки ҳар ким ўзи ўқиган қисмига яраша савоб оладими?
Оддий ҳолда Қуръонни ҳар ким алоҳида ўқийди ёки бир киши ўқиб, қолганлар эшитади. Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинган ҳадисда Аллоҳнинг Расули (унга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин):
«Аллоҳнинг уйларидан бирида йиғилиб, Аллоҳнинг Китобини ўқиб ва бир-бирига ўргатган қавмга хотиржамлик нозил бўлади, раҳмат ёғилади, фаришталар уларни ўраб олади (қўриқлайди), Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридаги зотлар ичида эсга олади», – деган (Муслим).
Қуръон ўқиш учун йиғилиш, бирлашиш – яхши (савобли) амал. Қуръон ўқувчига ҳам, уни тингловчига ҳам савоб ёзилади. Расулуллоҳ (унга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин) ҳам ўқир, ҳам тинглар эдилар. Аллоҳ таоло айтади:
«Қуръонни равон (аниқ) ўқи» («Муззаммил» сураси, 4-оят), «Уларга (Қуръоннинг) оятлари ўқилганда иймонлари мустаҳкамланади ва Роббиларига тўлиқ таваккул қиладилар» («Анфол» сураси, 2-оят), – дейди.
Демак, бир неча киши бирлашиб Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқиш – савобли амал, яхши одат. Бу хатм ҳисобланади. Лекин ҳар ким ўзи ўқиган қисми учун савоб олади. Чунки 30 киши бир кун рўза тутса, уларнинг барчасига 30 кунлик рўзанинг савоби ёзилмайди. Шунингдек, 20 киши икки ракатдан намоз ўқиса, ҳаммаси 20 ракат намоз ўқиган ҳисобланмайди. Шунинг учун Қуръон хатм қилиш ва унинг савобини олишни ният қилган одам уни тўлиқ ўзи ўқиши керак. Шу билан бирга, бир киши ёки бир неча киши Қуръонни тўлиқ ўқиб, унинг савобини марҳумга бағишлаши мумкин.
Ҳасан АМАНҚУЛ
«Минора» газетаси, №8, 2021 йил
Bu material sun’iy intellekt yordamida tayyorlangan va muharrir tomonidan ko‘rib chiqilgan.