«Михраб» — бу намозхонлар учун қибла томонни кўрсатадиган махсус жой, имомнинг намозда турадиган ўрнини белгилайдиган рамз ҳисобланади. «Михраб» сўзи Қуръонда тўрт марта зикр қилинган: «Оли Имрон» сурасининг 37-39-оятларида, «Марям» сурасининг 11-ояти ва «Сод» сурасининг 21-оятида.
Энг биринчи михраб Пайғамбаримиз (унга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин) даврида бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин тарихчилар биринчи михрабни халифа Усмон ибн Аффон (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ўрнатганини айтишади. У деворда қиблани кўрсатадиган белги бўлган. Ҳозирги биз биладиган (деворга чуқур қилиб ясалган) михрабларни илк бор Умавийлар сулоласидан Валид ибн Абдулмалик халифалиги даврида Мадина шаҳри ҳокими Умар ибн Абдулазиз ўрнатган (Вафаъ ал-Вафа би ахбари ал-Мустафа, ас-Самҳудий).
Мисрлик ёзувчи Аҳмад Фикрий: «Биринчи михраб ҳижрий 50-йилда Уқба ибн Нафиъ номли тобеин, машҳур қўмондон, Қайрувон шаҳрини очганида, “Қайрувон” масжидини қуриб, қибла томонни михраб билан белгилаган эди» [1], — дейди (Ҳукм ас-Солати фи ал-Михраб байна ал-Жавози ва ал-Иртиаб).
Масжидга михраб ўрнатишнинг мусулмонлар учун бир нечта сабаблари бор. Улар — қибла томонни аниқлаш, намозда имомнинг ўрнини белгилаш, жамоатнинг имом билан ёнма-ён турмаслиги ва имом овозини яхшироқ эшитиш.
Шариат асосларида михраб «масолихул мурсала» деган шариатий далил билан тасдиқланади. Яъни, бу амал мусулмонларга зарур бўлиб, зарари бўлмаса, уни шариатда ман қилинган ишлар қаторига киритиб бўлмайди. Шунингдек, михраб орқали бошқа бинолардан фарқлаш мумкин. Қуръони Каримда:
«Закарийё ибодатхонага (михрабга) кириб, унинг (Марямнинг) ёнига ҳар гал кирганида турли озуқа топар эди» («Оли Имрон» сураси, 37-ояти).
Ушбу оятдаги «михраб» сўзининг яна бир маъноси — махсус ибодат қилинадиган жой деганидир.
Ислом тарихида дастлабки михраб ҳозиргидек эмас, текис бўлиб, масжиднинг шимолий деворига қурилган. Қуръони Каримда:
«(Эй Муҳаммад) Албатта, сенинг (ваҳий келишини кутиб) юзингни кўкка қайта-қайта қаратаётганингни кўрмоқдамиз. (Ғам чекма), сени албатта кўнглингга ёқадиган қиблага йўналтирамиз. Бас, юзингни Маъруф масжидига (Масжидул Ҳарамга) қарата бур. (Эй мўминлар!) сизлар ҳам қаерда бўлсангизлар, юзларингизни Маъруф масжидига қарата буринглар!» («Бақара» сураси, 144-ояти)
— деган оят нозил бўлгандан кейин михраб йўналиши Ақсо масжидидан Ҳарам масжидига, яъни жанубдаги Макка томонга ўзгартирилди. Ҳижрий 88-йилда Валид ибн Абдулмаликнинг кўрсатмаси билан Мадинадаги Пайғамбаримиз (унга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин) масжиди тўлиқ янгиланиб, михраб чуқур шаклда қурилди. Шу вақтдан бошлаб барча масжидларда михраблар чуқур шаклда қурила бошланди. Ярим доира ёки ярим ой шаклида, баъзан тўртбурчак бўлиб, деворлари ва эшиклари, пештоқи ва остонаси ўйма нақшлар, турли рангли ғиштлар билан безатилди.
Хулоса қилиб айтганда, михраб ўрнатиш — шариатда рухсат этилган амал. Тобеинлар ва буюк мусулмон уламолари даврида масжидларга михраб ўрнатилган ва бу ишга ҳеч ким эътироз билдирмаган.
Ҳасан АМАНҚУЛ
«Минора» газетаси, №18, 2023 йил
Bu material sun’iy intellekt yordamida tayyorlangan va muharrir tomonidan ko‘rib chiqilgan.