Ер юзидаги барча нарса инсоннинг қулай ҳаёт кечириши учун яратилган. Бу – Аллоҳнинг бандасига берган неъматидир, совғаси. Инсон боласи дунёга келганидан бошлаб шу неъматлардан фойдаланади.
Яратган Роббимиз инсонлар учун яратган беқиёс неъматлар қаторига ҳайвонлар ҳам киради. Инсон ҳайвонларнинг гўштини ейди, сутидан ичади, тери ва жунидан фойдаланади.
Бу ҳақда Қуръонда: «Шубҳасиз, тўрт тўлиқ молда ҳам сизлар учун ибрат бор. Сизларга уларнинг ичидан чиққан сутни ичимлик қилиб ичтирамиз. Уларнинг сизлар учун бошқа кўплаб фойдалари бор ва уларнинг гўшти-ёғини ҳам ейсизлар. Шунингдек, ўша ҳайвонларга ва кемаларга миниб, истаган жойингизга етиб оласизлар», – дейилган («Муъминун» сураси, 21-22-оятлар).
Ҳозирги кунда синтетик материаллар ва сунъий терилар кенг қўлланилса-да, табиий ичик ва жунга талаб камайгани йўқ. Қишда ёш қизлар ҳам, катта ёшли аёллар ҳам кўпроқ қундуз тонни яхши кўради. Аввало, у қаттиқ совуқда илиқ ва енгил бўлади. Иккинчидан, ҳар ким замонга мос равишда чиройли кийинишни ёқтиради. Яхши ичик инсоннинг кўринишини очади, гўзалликка гўзаллик қўшади, кайфиятини кўтаради. Шу ўринда ўзбек халқининг «инсон кўрки – либос» деган гапи эсга тушади.
Бироқ шариатда фойдаланиладиган терининг қайси ҳайвонники экани муҳим. Фойдаланиш нуқтаи назаридан терини учга бўлиш мумкин:
Гўшти еб бўладиган ва шариат талабига мувофиқ сўйилган ҳайвоннинг териси. Масалан, қўй, эчки, сигир, туя, қўён ва бошқа гўшти ҳалол ҳайвонлар териси, ишлов берилмаган (тайёрланмаган) бўлса ҳам, пок ҳисобланади.
Гўшти еб бўладиган, лекин шариатга мувофиқ сўйилмаган ҳайвон, ўлик ҳайвон, гўшти ҳаром ҳайвонлар ва йиртқич ҳайвонлар териси. Масалан, ит, бўри, айиқ, тулки, қундуз, камшат ва гўшти ҳаром ҳайвонлар. Буларнинг териси нажас (нопок) ҳисобланади. Уларни хом ҳолда ишлатиб бўлмайди, лекин ишлов берилгандан кейин фойдаланишга рухсат бор.
Умуман фойдаланиш мумкин бўлмаган тери – бу хукнинг териси. Чунки у очиқ ҳаром ҳисобланади.
Бизнинг мазҳабимизда қундузнинг гўшти ҳаром. Чунки у кемирувчилар тоифасига киради. Қундуз ўт, дарахт, қамиш баргини ейди, шунингдек, ҳашаротлар билан ҳам озиқланади. Шу сабабли уни йиртқич ҳайвонлар қаторига киритиш мумкин. Шунингдек, қундуз ифлос, ёқимсиз ҳайвон ҳисобланади.
Қуръон Каримда: «(Аллоҳ таоло) уларга пок таомларни ҳалол қилиб, ифлос нарсаларни ҳаром қилади», – дейилган («Аъроф» сураси, 157-оят).
Бироқ қундузнинг териси ишлов (илов) билан покланади. Чунки шариатда хук терисидан бошқа ҳар қандай ишлов берилган тери пок ҳукмига эга бўлади. Шу ишлов берилган теридан тикилган кийимда намоз ўқиш ва ундан ясалган идишдан таҳорат олиш мумкин («Ҳидоя», 1/328).
Бироқ ҳадисларда Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин) ёввойи ҳайвонларни азоблаб ўлдиришдан қайтаргани (Муслим), терисини ишлатишдан ман қилгани (Абу Довуд, Термизий, Насоий) ва баъзи илмли саҳобалар бундай ҳайвонлар терисини ишлов берилгандан кейин ҳам ишлатишни, ундан кийим тикиб кийишни маъқул кўрмагани (Термизий) айтилган. Имом Муҳаммад (Аллоҳ унга раҳмат қилсин): «Қундуз тон кийишда ҳеч қандай муаммо йўқ. Лекин уни обрў (мақтаниш, одамларни ўзига қаратиш) учун кийиш яхши эмас», – деган («Фатово Ҳиндия, 5/384»).
Ҳасан Амонқул,
«Минора» газетаси, №17, 2020 йил
Bu material sun’iy intellekt yordamida tayyorlangan va muharrir tomonidan ko‘rib chiqilgan.